ТОШКЕНТ, 10 ноя - Sputnik. Николаев-Кривой Рог йўналишида, Херсон шаҳри яқинида Россия қўшинлари Днепрнинг чап қирғоғида инженер қўшинлари томонидан тайёрланган позицияларга кўчирилмоқда, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги.
“Россия қўшинлари гуруҳи бўлинмалари тасдиқланган режага қатъий мувофиқ равишда Днепр дарёсининг чап қирғоғида тайёрланган позицияларга кўчирилмоқда”, — дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, 9 ноябрь куни махсус операция доирасида бирлашган қўшинлар қўмондони генерал Сергей Суровкин Россия Мудофаа вазирлигидан қўшинларни Днепрнинг чап қирғоғига кўчиришга рухсат сўраган эди.
Генерал ҳисоботига кўра, айни дамда Днепрнинг ўнг қирғоғида жойлашган Херсон шаҳри ва унинг атрофи Россия аскарлари қўлида. Душман томонидан кўп маротаба амалга оширилган ҳужумлар натижа бергани йўқ. Украина Қуролли кучлари йўқотишлари 9,5 минг кишини ташкил қилган. Россия томони йўқотишлари - бундан 7-8 баравар кам.
Шу билан бирга, Россия қўшинларининг таъминоти Днепр дарёси орқали амалга оширилаётгани сабабли, таъминот узилиб қолиш хавфи мавжуд.
Киев режими 10 октябрдан бошлаб Днепр дарёнинг юқори қисмида жойлашган барча ГЭС тўғонларидан сув ташлаш ҳажмини оширган ва Каховская ГЭСи тўғонини интенсив равишда ўққа тутиб келмоқда. Яқинда ушбу ГЭС шлюзларидан бири шикастланган.
Генерал Суровкин айтишига кўра, Каховская ГЭСи тўғони бузилса Херсон ва унинг атрофида улкан ҳудудларни сув босиши, кўп сонли тинч аҳоли қурбон бўлиши ва Днепрнинг ўнг қирғоғида жойлашган Россия қўшинлари таъминоти мутлақ узииб қолиши хавфи бор.
Ушбу вазиятни ҳисобга олган ҳолда, генерал мудофаа вазири Сергей Шойгудан қўшинларни Днепрнинг чап қирғоғига, кўчиришга рухсат сўраган эди.
Ушбу фактларни ҳисобга олган ҳолда, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Сергей Суровикиннинг мудофаа чизиғини Днепрнинг чап қирғоғига табиий тўсиқ чегарасига кўчириш таклифига рози бўлди. Шу билан бирга вазир чап қирғоққа ўтишни истаган барча тинч аҳоли вакилларига ёрдам беришни тайинлади.