ТОШКЕНТ, 10 ноя - Sputnik. Aсосий мақсад қуруқлик ва денгиз портларимизни жаҳон бозорлари билан мустаҳкам боғлайдиган ягона транспорт маконини яратишдир. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисида таъкидлади, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
“Биз биргаликда Транскаспий халқаро транспорт йўналишини келажакда Ташкилот мамлакатларини ягона транспорт тизимига интеграция қилиш платформасига айлантира оламиз”, - деди вазир.
Таъкидланишича, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдони осонлаштириш стратегияси тасдиқланди, Соддалаштирилган божхона йўлагини шакллантириш тўғрисидаги битим имзоланди.
“Евроосиёда юзага келаётган янги геоиқтисодий вазият биз учун Евроосиёнинг стратегик йўлакларини боғлайдиган минтақамизни глобал қиймат занжиридаги қудратли транспорт-логистика бўғинига айлантириш учун жуда қулай истиқболларни очмоқда”, - деди Норов.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатларнинг етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, самарали минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
“Бизнинг олдимизда ҳудудлараро савдо соҳасида жиддий ишларни амалга ошириш вазифаси турибди”, дейди Норов.
Қайд этилишича, юкларни ташиш имкониятларини ошириш, вақт ва харажатларни қисқартириш, ушбу йўналишнинг транспорт-логистика тизимини рақамлаштириш, шунингдек, божхона ва транспорт қонунчилигини синхронлаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар комплексининг амалга оширилиши мамлакатларни ушбу мақсадга янада яқинлаштиради.
“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон, Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар йўналишлари бўйлаб темир йўл қурилиши ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши умумий туркий транспорт маконининг жозибадорлигини ошириши шубҳасиз”, - деб таъкидлади Норов.
Маълумот учун, мажлисда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов, ташкилот бош котиби Бағдод Амреев, шунингдек, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Венгрия ва Туркманистон ТИВ раҳбарлари иштирок этмоқда.
Самарқандда, шунингдек 10-11 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтади.