Мирзиёев Венгрия бош вазири билан иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Самарқандда Ўзбекистон президенти ва Венгрия бош вазирининг учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити доирасидаги биринчи учрашувни Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан ўтказмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби хабар берди.
“Учрашувда иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорлик - қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий механизмлар ва қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда”, - дейилади хабарда.
Виктор Орбан кеча ТДТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган эди.
Самарқандда “Ўзбекистон-Венгрия” бизнес-форуми ҳам давом этмоқда. Форумда Венгриянинг 40 дан зиёд корхоналари иштирок қатнашяпти. Икки давлат ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Саммит якунида Самарқанд декларацияси ҳамда ТДТ доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бошқа муҳим қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Шунингдек, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга. Ташкилот бунгача Туркий тилли давлатлар кенгаши деб юритилган.