Марказий Осиёнинг стратегик роли ошишига нима сабаб бўлди – иқтисодчилар хулосаси

Евроосиё тараққиёт банки таҳлилчилари фикрича, Марказий Осиёнинг иқтисодий роли ва истиқболларини дунё ҳали тўлиқ англаб етмаган.
Sputnik
ТОШКEНТ, 10 ноя – Sputnik. Яқин йилларда кенг Евроосиё маконида Марказий Осиёнинг стратегик роли ошади – минтақа давлатларининг аҳамияти унинг энг яқин қўшнилари ва асосий иқтисодий ҳамкорлари учун ҳам ортади. Ушбу хулосалар Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) таҳлилчилари томонидан тақдим этилган “Марказий Осиё иқтисодиёти: янги қиёфа” ҳисоботида акс этган.
Sputnik ушбу ҳужжатни кўриб чиқди ва тадқиқотнинг асосий тезисларини ушбу мақолада эълон қилмоқда.

Ютуқлар ҳақида қисқача

Ўттиз йил давомида Марказий Осиё давлатлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишда сезиларли муваффақиятларга эришди, деб ҳисоблайди ОТБ экспертлари. Бугунги кунда мамлакатлар бир қатор ютуқларга эга – бу аҳоли сонининг кўпайиши (Марказий Осиёда жами 77 миллион киши истиқомат қилади) ва инфратузилманинг ривожланишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида меҳнат ресурсларининг кўпайиши, аҳоли турмуш даражаси ва мобиллигининг (у жойдан бу жойга кўчиб ўтиш) ошишига олиб келади.
Минтақанинг Евроосиё маконидаги стратегик жойлашишини ҳам унутмайлик.
“Марказий Осиёнинг иқтисодий ўрни ва истиқболлари моҳиятини дунё ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.“Минтақа давлатлари сўнгги 20 йилда ўз тараққиётида сезиларли ютуқларга эришди ва жиддий ўсиш истиқболларига эга. МО давлатлари ЯИМи сўнгги 20 йил ичида реал кўринишда ва 347 миллиард долларга етди.
Шундай бўлиши, умуман олганда, кутилган эди, тарих такрорланади. ЕТБ таҳлилчилари уч минг йиллик тарих давомида Буюк Ипак йўли Катта Евроосиёнинг барча иқтисодий марказлари – Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Яқин Шарқ ва Европани боғлаб турганини эсга олдилар.
Бугун минтақа давлатлари яна замонавий транспорт йўлакларини ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапирмоқда. Ва ушбу қадам Марказий Осиёни асосий ҳамкор давлатлар – Россия ва Хитой учун янада муҳимроқ иқтисодий ҳудудга айлантиради. Логистика йўналишларининг янги босқичга кўтарилиши минтақадаги ҳар бир мамлакатда саноат ва савдонинг ўсиши, хизмат кўрсатиш соҳасининг мустаҳкамланишини англатади.

Илдам ривожланишди

Марказий Осиё давлатларининг ҳозирги иқтисодий кўрсаткичларини 1990 йиллардаги кўрсаткичлар билан солиштирадиган бўлсак, дастлаб минтақа иқтисодиёти секинлашганини кўришимиз мумкин. "Ўсиш суръатларининг секинлашиши қисман асосий ҳамкор бўлган Россия иқтисодиёти динамикасининг заифлашиши билан изоҳланиши мумкин", деб тушунтиради экспертлар.
Бироқ очиқлик тамойилларининг жорий этилиши, икки ёки ундан ортиқ давлат даражасида ёки минтақа доирасида қўшма инвестиция лойиҳаларини яратиш туфайли Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ривожлана бошлади.
Хусусан, Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, республика минтақада иккинчи иқтисодиётга (Қозоғистондан кейин) айланди ва тадқиқот муаллифларининг фикрича, бундай натижага 2017 йилдан сўнг амалга оширилган қуйидаги чора-тадбирлар олиб келган:
ишбилармонлик муҳитини нархларни, савдо ва валюта бозорини эркинлаштириш;
инвестицияларни жалб қилиш;
юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўналиши;
экспортни диверсификация қилишга интилиш.
Бу қадамларнинг барчаси Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш ва хорижий молиялаштириш салоҳиятини ошириш имконини берди, дейди банк иқтисодчилари.

Тўсиқлар ҳақида қисқача

Барча ютуқларга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти унинг янада ривожланишини секинлаштирувчи тўсиқларга ҳали ҳам дуч келмоқда, дейди экспертлар. ЕТБга кўра, давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир, биринчи навбатда, "минтақавий савдо-иқтисодий муносабатларни мувофиқлаштиришнинг етарли даражада эмаслиги" ҳисобланади. Мувофиқлаштирилган чора-тадбирларнинг йўқлиги минтақавий транспорт тармоқларининг ривожланмаганлиги, сув-энергетика комплексидаги қийинчиликлар, ва оқибатда, макроиқтисодий хавфларнинг ошиши каби муаммоларни келтириб чиқармоқда.
“Минтақавий ҳамкорликнинг етарли даражада эмаслиги минтақа иқтисодиётларининг хом-ашёга ихтисослашганлиги оқибатидир”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари. Улар аниқлик киритишига кўра – иқтисоднинг ташқи бозорлар учун хомашё ишлаб чиқаришга йўналтирилганлиги - минтақада мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг заифлигини тушунтиради.

Ҳисобли дўст ажралмас

Албатта, бу муаммоларнинг барчасини тузатиш мумкин. Бир неча йил аввал минтақа давлатлари ўзаро яқинлашиш йўлига киришди ва бунда Ўзбекистон муҳим роль ўйнади – у қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ташаббуси билан чиқди ва Марказий Осиё маконидаги давлатлар ўртасида воситачи бўлди.
Аввало, давлатлар ўртасидаги алоқалар иқтисодиёт орқали мустаҳкамланади. Шу боис 2021 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик маркази қурилишини эълон қилди, дея эслатади ҳисобот муаллифлари. Марказ икки давлат ўртасида қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш учун йирик саноат, савдо ва логистика платформасига айланиши керак.
Лойиҳалар учун транспорт коридорлари тизимини такомиллаштириш зарур. Шу боис Қозоғистон Россия, Хитой, Қирғизистон билан чегараларида худди шундай марказларни яратиш ва модернизация қилишни ва ушбу трансчегаравий марказларнинг барчаси учун ягона ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Транспорт хаблари нима учун керак? Улар юкларни ташиш вақтини ва нархини қисқартиради, ташилган маҳсулотларни яхшироқ саралашга ва янги иш ўринларини яратишга имкон беради, чунки кимдир товарларни қабул қилиш ва жўнатиш билан шуғулланиши керак.
Қозоғистон билан ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида Тожикистон ва Қирғизистон билан сармоявий шерикликни рағбатлантирмоқда – Ўзбекистон-Қирғизистон ва Ўзбекистон-Тожикистон тараққиёт жамғармаларини ташкил қилмоқда. Ушбу фондларнинг мақсади - иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳалар ташкил қилишдан иборат.
Ўзбекистон ва Россия билан ҳам иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда.
“Россиянинг Қозоғистонга киритган сармояси 11,1 миллиард долларни, Ўзбекистонга – 8,9 миллиард долларни, Қирғизистонга – 0,9 миллиард долларни, Тожикистонга – 0,6 миллиард долларни ташкил этди”, — дейилади ЕТБ таҳлилчилари ҳисоботида.
Докладда қайд этилишига кўра, Россия постсовет давлатлари орасида Марказий Осиё мамлакатлари учун асосий сармоя манбаи бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда постсовет ҳудудиданжалб қилинган хорижий сармояларнинг 98,5 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.
"Россиянинг йирик хом-ашё компаниялари инвестициялари аста-секин қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш корхоналари инвестициялари билан тўлдирилмоқда", деб ёзади ҳисобот муаллифлари.
Марказий Осиё мамлакатларида 10 000 дан ортиқ Россия ва қўшма корхоналари фаолият юритиб, минтақада 900 000та иш ўрнлари яратмоқда, деб таъкидлайди ЕТБ.