Индонезия Путиннинг G20 саммитига бормаслик қарорига муносабат билдирди

Президент Путиннинг уйида иши бўлиши мумкин, биз буни ҳурмат қилишимиз керак, деди вазир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Индонезия Россия президенти Владимир Путиннинг Балидаги G20 саммитига бормаслик ҳақидаги қарорини ҳурмат қилади. Бу ҳақда Индонезия денгиз ишлари ва инвестициялар бўйича вазир-координатор Лухут Бинсар Панжаитан таъкидлади.

“Россия президенти Владимир Путиннинг G20 саммитида қатнашмаслиги ҳақида расмий маълумотлар келиб тушди. Президент Путиннинг уйида иши бўлиши мумкин, биз буни ҳурмат қилишимиз керак”, - деди у.

“Россия қарори билан нима содир бўлишидан қатъи назар, бу бизнинг умумий манфаатимиз ва барчамиз учун яхшидир”, - деди вазир.

Aввалроқ G20 саммитида Россия делегациясига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилиши маълум бўлган эди.
G20 иқтисодий жиҳатдан ривожланган ва ривожланаётган йирик мамлакатларни бирлаштирган норасмий ташкилотдир. 15-16 ноябрь кунлари Балида G20 ўн еттинчи саммити бўлиб ўтади.