Фарғона водийсида электр таъминотига қисқа муддатли чеклов киритилди

Водийнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида кузатилаётган қисқа муддатли узилишлар сабаби маълум қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Энергетика вазирлиги Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, шу кунларда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида магистраль газ қувурларида табиий газ босими пасаймоқда.
Бунинг натижасида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида мазкур станция томонидан электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда.
“Энергетика тизимининг барқарор ишларишини таъминлаш ва тизимда юзага келиши мумкин бўлган катта авариялар ҳамда узилишларни олдини олиш мақсадида водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда”, - дейилган хабарда.
Вазирлик мутахассислар юзага келган бу муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни олиб бораётганини қўшимча қилган.