ТОШКЕНТ, 9 ноя - Sputnik. Венгрия Европа Иттифоқининг молиявий ёрдам дастури доирасида Киев расмийларига 18 миллиард евро ўтказиш режасини блоклайди. Бу ҳақда РИА Новости “Bloomberg” агентлигига таяниб, хабар бермоқда.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, Венгрия томони Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда ЕИ мамлакатлари молия вазирларига Украина учун келгуси йилга мўлжалланган ёрдам пакетини тайёрлашни қўллаб-қувватламаслигини айтган.
“Европа комиссияси чоршанба куни Киевга янада барқарор асосда имтиёзли кредитлар беришни таклиф қилади, бироқ бу ташаббус Европа Иттифоқи бюджетида мавжуд бўлган қўшимча захиралардан фойдаланишни талаб қилади. Венгрия молия вазири Михали Варга ўз ҳамкасбларига 27 ҳукуматнинг бир овоздан қўллаб-қувватлашини талаб қиладиган бундай вариантни қўллаб-қувватламаслигини айтди”, дейилади хабарда.
Еврокомиссия май ойида истисно тариқасида Украинага тўққиз миллиард еврогача бўлган макромолиявий ёрдам пакетини эълон қилди. Маблағларни ажратиш учун ЕКнинг расмий таклифи, сўнгра Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европарламентнинг розилиги талаб қилинади.
Тўққиз миллиарддан олти миллиарди расман келишилган, бироқ пул ҳали тўлиқ ўтказилмаган. Августда бир миллиард, октябрда яна икки миллиард ажратилган. Киев қолган маблағларни йил охиригача кутмоқда.
Шу тариқа, май ойидаги пакетдан яна уч миллиард евро ажратилиши келишилмаганича қолмоқда. Европа Комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис аввалроқ Европа Иттифоқи бу йил ушбу маблағларни тўлаш бўйича келиша олмагани, бу маблағ 2023 йил учун 18 миллиардли янги пакетнинг бир қисмига айланганини айтганди.