Ўзбекистон Россия ҳудудларининг инновацион ривожланиш тажрибасини ўрганади

Инновацион ривожланиш вазирлиги "Ассоциация инновационных регионов России” делегацияси билан юқори технология лойиҳалари бўйича музокара ўтказди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистондаги инновациялар бўйича ҳоким ўринбосарлари Россия инновацион ҳудудлари ассоциацияси тажрибасини ўрганади. Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар берди.
Вазирлик вакиллари “Ассоциация инновационных регионов России” делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки томонлама юқори технология лойиҳалари бўйича музокара олиб боришди. Унда ассоциацияга аъзо 9 та минтақа, шунингдек, ҳудудий компаниялар вакиллари иштирок этди.
Делегацияси вакиллари инновацион ҳудудларни ривожлантириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон томони Новосибирск вилояти фан ва инновацион сиёсат вазири Вадим Васильевнинг инновацион компанияларни минтақавий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги тақдимотига алоҳида қизиқиш билдирди.
Вадим Васильев ўз сўзида “Технопром” технологик ривожланиш бўйича халқаро форум ҳақида гапирар экан, унинг асосий мақсади маҳаллий илмий ишланмалар ва инновацияларни илгари суришдан иборат эканини қайд этиб ўтди.
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова, ўз навбатида, мазкур форумда Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳам иштирок этиши зарурлигини таъкидлади.

“Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг 28та туманидаги инновациялар бўйича ҳоким ўринбосарларини Россияга юбориш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олишди. Улар Россия инновацион ҳудудлари ассоциацияси тажрибасини ўрганишади”, - дейилади хабарда.

Маълумот учун, Россия инновацион ҳудудлари Ассоциацияси 2010 йил Томск шаҳрида “Innovus” XIII инновацион форуми доирасида ташкил этилган.
Бугунги кунда уюшмага 18 та аъзо минтақа киради: Бошқирдистон Республикаси, Мордовия Республикаси, Татаристон Республикаси, Олтой ўлкаси, Красноярск ўлкаси, Перм ўлкаси, Иркутск вилояти, Калуга вилояти, Липетск вилояти, Новосибирск вилояти, Самара вилояти, Томск вилояти, Тюмен вилояти, Ульяновск вилояти, Новгород вилояти, Саха Республикаси (Якутия), Нижний Новгород вилояти ва ХМАО-Югра.