"Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишони таъсис этилди

Эсдалик нишони кимларга топширилиши ҳақида материалимизда ўқинг.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишони таъсис этилди. Бу бўйича президентнинг ПФ–243-сонли фармони имзоланди.
Нишон билан Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлат сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш каби шарафли вазифаларни амалга ошириб келаётган барча соҳа вакиллари мукофотланиши мумкин.
"Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликда олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.