Инвестиция лойиҳаларига сармоя киритганлар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниши мумкин

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хорижликларга Ўзбекистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда беришни таклиф қилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Инвестиция лойиҳаларига сармоя киритган хорижликлар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниши мумкин. Бу бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қонун лойиҳасида катта ҳажмда тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий сармоядорларга Ўзбекистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан мамлакатда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига камида 1 млн доллар эквивалентида сармоя киритган жисмоний шахсга ёхуд таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига нисбатан тадбиқ этилади.
Қонунда таклиф этилаётган янги норма давлатнинг инвестициявий жозибадорлиги оширишга, республика инвестиция муҳитида бўлаётган ижобий ўзгаришларга халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишга ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини оширишга хизмат қилади.