Бокс бўйича жаҳон чемпионати — 2023

Тошкент бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

Жаҳон чемпионатида тарихда илк бор 5,2 миллион долларга тенг рекорд миқдордаги мукофот жамғармаси бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Тошкент бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бу ҳақида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлёв иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Айтилишича, 2023 йилги жаҳон чемпионати 1-14 май кунлари Тошкентда ўтказилиши тасдиқланди.
"Ишонаманки, бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати юқори даражада ўтказилади ва тарихдаги энг зўрларидан бири бўлади. Мен Ўзбекистонда бўлганман ва у ерда мусобақалар қандай ташкил этилишини кўрганман. У ердаги профессионализим ва боксга бўлган меҳр кўп мамлакатлар учун намуна бўлади. Тошкентда янги чемпионларни кўришни сабрсизлик билан кутмоқдаман”, дейди Умар Кремлёв.
Унинг қўшимча қилишича, тарихда илк бор 5,2 миллион долларга тенг рекорд миқдордаги мукофот жамғармаси бўлади.
“Биринчи ўрин учун 200 минг доллар, иккинчи ўринга 100 000 доллар, бронза медали соҳибларига эса 50 минг доллардан берилади", -дейди IBA президенти Умар Кремлёв.
Ўз навбатида, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Тошкент "жаҳон бокси пойтахти" бўлишидан мамнун эканлигини таъкидлади.
"Бу тасодифан бўлиб қолгани йўқ, Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери сақланиб келинаётган бой бокс анъаналари бунга сабабдир. Ўзбекистон бокс оиласи номидан шуни айтишим мумкинки, мамлакатимиз бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун барча ишни қилади", деди у.