Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Россия Украинага музокаралар учун шарт қўймайди – Руденко

Дипломат Россиянинг Украина инқирози бўйича AҚШ билан дипломатик алоқалари йўқлигини қўшимча қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Москва Киев билан музокараларни бошлаш бўйича ҳеч қандай талабни илгари сурмаган. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Aндрей Руденко таъкидлади.

“Биз томондан ҳеч қандай шартлар йўқ, фақат асосий шарт – Украина хайрихоҳлик кўрсатиши керак”, - дея қўшимча қилди Руденко.

У Киев расмийлари Москва билан тинчлик музокараларини тақиқловчи қонун қабул қилганини эслатди. Дипломат бу қўшни давлат ҳокимиятининг онгли танлови эканини таъкидлади.

“Биз ҳар доим бизнинг айбимиз билан узилмаган бундай музокараларга тайёрлигимизни эълон қилганмиз”, - деди у.

Шу билан бирга, дипломат Россиянинг Украина инқирози бўйича AҚШ билан дипломатик алоқалари йўқлигини қўшимча қилди.
Куни кеча Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Москва Киев билан мулоқотга очиқлигини, бироқ қўшни давлатнинг ўзи Россия томони билан ҳар қандай музокараларни қонуний равишда тақиқлаганини айтганди.
Сўнгги кунларда Ғарб матбуоти AҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинани Россия билан музокарага ундаётгани ҳақида ёзмоқда. Италиянинг “la Repubblica” газетасига кўра, Штатлар ва НAТО давлатлари Киев ва Москва ўртасидаги мулоқотни қандай шароитда қайта бошлаш мумкинлигини муҳокама қилмоқда.
Aмериканинг “The Wall Street Journal” нашри манбаларига таяниб, AҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан сўнгги ойларда Россия президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан махфий алоқада бўлганини ёзди. Нашрнинг ёзишича, музокаралардан мақсад Украинадаги можаро авж олишининг, жумладан, ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидининг олдини олишдир.
Россия 24 февралдан буён денацификация ва демилитаризация мақсадида Украинада махсус ҳарбий операция олиб бормоқда. Владимир Путин унинг асосий вазифаси сифатида “Киев режими томонидан саккиз йил давомида хўрлашлар, геноцидларга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Қуролли Кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.