Германиядаги ҳайвонот боғлари энергия нархининг ошиши оқибатида катта зарар кўрмоқда

Ҳайвонот боғларининг баъзилари қўшимча жамғарма чораларини жорий қилган бўлса, айримлари бундай ҳолатга бардош бера олмай, ҳайвонларни бериб юбормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Энергия нархининг ошиши ва инфляция Германия ҳайвонот боғларига ҳам таъсир ўтказди. Натижада ҳайвонот боғлари энергия инқирози шароитида ҳайвонлар учун хайрия пулларини йиғишни бошлади, дея хабар бермоқда РИА Новости.
Ҳайвонот боғларининг баъзилари қўшимча жамғарма чораларини жорий қилди. Айримлари ҳайвонларни иссиқлик билан таъминлаш учун хайрия пулларини йиғишни бошлади. Қолганлар эса бундай ҳолатга бардош бера олмай, ҳайвонларни бериб юбормоқда.
Ҳозирги инқироз ортидан Дрездендаги ҳайвонот боғи энг кўп зарар кўрди. У 1 ноябрдан бошлаб "йирик" иситиш харажатлари туфайли террариумни ёпишга мажбур бўлди.

“Террариумдаги судралиб юрувчиларнинг бир қисми янги орангутан уйига кўчиб ўтиши натижасида сақланиб қолингани тасалли беради. Ҳайвонот боғида биз билан қололмайдиган турлар бошқа қўриқчиларга ўтказилади", - дейди ташкилот вакили.

Қайд этилишича, боғ вакиллари судралиб юрувчиларнинг 10 тури ва балиқларнинг 25 га яқин тури билан ажралишга мажбур бўлишди.
Барча ҳайвонлар аллақачон янги қўриқчиларга тарқатилган. Уларнинг янги эгалари нафақат Германияда, балки Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳам борлиги қўшимча қилинди.
Берлиндаги иккита ҳайвонот боғи, жумладан, Германиядаги энг қадимги ҳайвонот боғи, шунингдек, пойтахт аквариуми қиш арафасида маблағ тўплашни эълон қилди.

“Энергия нархининг ошиши ҳақиқатан ҳам Берлин ҳайвонот боғи, “Берлин-Фридрихсфельде” ҳайвонот боғи ва аквариум учун жиддий муаммодир”, - деди ташкилот матбуот котиби Свеня Айзенбарт РИА Новостига.

Ҳайвонот боғлари веб-сайтида "ҳозирги вақтда жирафалар, бегемотлар ва бошқа ҳайвонларнинг шамоллашининг олдини олиш" учун барча турдаги саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирилмоқда.
Айзенбартнинг айтишича, бегемот аквариумдаги 17 даражадан паст ҳароратларда қисқа вақт ичида омон қолиши мумкин, жирафалар ҳам узоқ вақт давомида ҳароратни ушлаб туролмайди.

“Калин пўстларга қарамай, кўпчилик аквариум ҳайвонлари йил давомида илиқ сувга муҳтож. Биз масхарабоз балиқлар, тимсоҳлар ва бошқа ҳайвонларнинг ҳатто ушбу қийин пайтларда ҳам музлашига йўл қўймаслик учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз ", - дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, учта комплексда 30 000 дан ортиқ ҳайвонлар мавжуд. Ҳозирда мутахассислар объектларга энергия тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча имкониятларни ўрганмоқда.
Мисол учун, 1960 йилларда қурилган ва 2019 йилда энергия тежашни ҳисобга олган ҳолда таъмирланган Берлин Фридрихсфелд ҳайвонот боғида энергия самарадорлигини ошириш учун кўплаб тизимлар янгиланмоқда.
Германиянинг Ганновер шаҳридаги Европанинг энг катта ва энг қадимий ҳайвонот боғларидан бири ҳам тежамкорлик чораларини кўриб чиқмоқда. У ерда ташқи ёритиш ва биноларни автоматик ёритишни босқичма-босқич бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Худди шундай чоралар Нюрнберг ҳайвонот боғи томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
У ерда чўл уйи ва тропик уй каби энергияни кўп талаб қиладиган павилёнларда ҳарорат ҳар бир бино ва деярли барча ҳайвон турлари учун пасайтирилди. Бироқ, тежамкорлик чоралари террариумларга таъсир қилмайди, чунки уларда яшовчи ҳайвонлар пастроқ ҳароратга мослаша олмайди.