Ўзбекистон ОТМларида Дон давлат техника университети ваколатхонаси очилиши мумкин

Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги бош консули ДДТУ ректори билан замонавий кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги бош консули Бурхон Алиқулов Дон давлат техника университети (ДДТУ) ректори Бесарион Месхи билан учрашди.
“Дунё” АА хабарига кўра, томонлар замонавий кадрлар тайёрлаш ва академик алмашинув соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишган.
Бесарион Месхи ДДТУнинг Ўзбекистон олий ўқув юртлари, хусусан, Бухоро давлат университети ва "Ипак йўли" туризм халқаро университети билан ҳамкорлиги даражасидан мамнунлигини билдирди.
“Ўзбекистоннинг ушбу университетларида ДДТУ ваколатхонасини очиш юзасидан фикр алмашилди. У, шунингдек, Ўзбекистон миллий университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳам академик ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди”, - дейилган хабарда.
Суҳбат чоғида ветеринария соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. ДДТУ Россия ҳудудида “ветеринария” йўналиши бўйича аспирантура босқичига эга бўлган ягона олий ўқув юрти ҳисобланади.
Бесарион Месхи соҳа долзарблигини инобатга олган ҳолда, мазкур йўналиш Ўзбекистон учун ҳам жозибадор бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Дон давлат техника университети Ростовдаги йирик олийгоҳлардан бири. ОТМда 100 дан зиёд йўналишларда бакалавриат ва магистратура талабалари таҳсил олади. Ҳозирги кунда Дон давлат техника университетида 45 000 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади. Улардан қарийб 3000 нафари 82 та мамлакатдан келган чет эллик талабалар.
ДДТХ хизмат ва туризм, авиасозлик, агросаноат, биоинженерия ваветеринария тиббиёти, йўл-транспорт, инновацион бизнес ва менежмент, энергетика каби соҳаларда мутахассисларни тайёрлайди.