Давлат хизматчиси тадбирларда олиши мумкин бўлган совғалар қиймати белгиланмоқда

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартибини белгиловчи низом лойиҳасини ишлаб чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби белгиланмоқда. Бу бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳужжатга кўра, хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан кўп бўлмаслиги керак.
Тақдим этилган совғанинг миқдори белгиланган миқдордан ошса, ошган қисми давлат фуқаролик хизматчиси томонидан давлат ташкилотига тўлаш орқали совғани тасарруф этиши мумкин.
Тақдим этилган совға меҳмон (мезбон) томоннинг рамзлари ва логотипи туширилган эсдалик совғалар қиймати учун миқдор белгиланмайди ва бундай совғалар баҳоланмайди.
Ҳужжат қабул қилинса, давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда совға тақдим этилишини талаб қилиш, сўраш ёки совға беришга мажбурлашга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, нақд ёки нақдсиз пул, қимматли қоғозлар, крипто валюта, барча турдаги ўқотар ва совуқ қуроллар, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, кучли таъсир этувчи препаратлар, порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга бўлган нашр ҳамда материалларни совға сифатида қабул қилиш ёки тақдим этиш тақиқланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси совғани қабул қилиши, хусусан, дипломатик нутқ ёки мулоқот жараёнида совғани топширувчидан совғанинг қийматини ёки қийматини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраши мумкин.
Агар бунинг имкони бўлмаса совғани қабул қилиб олиши, лекин тадбирдан сўнг совғанинг қийматини аниқлаш ва баҳолаш учун давлат органига экспертизага топширишини, агар совғанинг қиймати рухсат этилган миқдордан ошган тақдирда давлат органи тасарруфига ўтказилишини маълум қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент имзолаган қонун билан давлат хизматчиларига қатор талаблар қўйилди. Унга кўра, давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланди. Давлат хизмачиси даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 5 йил ичида ёшларнинг давлат хизматида ишлаши 37 фоиздан 61 фоизгача ошди.