ТОШКЕНТ, 7 ноя - Sputnik. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги G7 (“Катта еттилик”) давлатларини бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмасликка чақирди.
Бу ҳақида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзянь 7 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб хабар берди РИА Новости.
“Гонконг, Шинжон ва Тайвань билан боғлиқ масалаларда Хитойнинг позицияси изчил ва аниқ. “Катта еттилик” ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёноти Хитойнинг позицияси ва объектив фактларини эътиборсиз қолдиряпти, Хитойнинг ички ишларига қўпол аралашяпти ҳамда Хитойга ғаразли туҳмат ва бўҳтонлар ёғдиряпти. Пекин кескин норозилигини билдиради ва бунга кескин қарши чиқади”, - дейди дипломат.
У Хитой БМТ Низомини амалга ошириш ва чинакам кўп қирралиликни юзага чиқариш борасида ҳамиша намуна бўлиб келганини таъкидлаб, “Хитой ҳар доим халқаро ҳамжамиятга глобал муаммоларни биргаликда енгиб ўтишда ёрдам беришга ва Инсониятнинг умумий тақдири ҳамжамиятини ривожлантиришга интилиб келганини” қўшимча қилди.
“Биз G7 ни “Совуқ уруш” менталитети ва мафкуравий хурофотга ёпишиб олишни, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишни, ёлғонларни такрорлашни, минтақавий айирмачиликни қўзғатишни ва блоклар қарама-қаршилигини келтириб чиқаришни тўхтатишга чақирамиз”, - дейди Лицзянь.
У, шунингдек, “Катта еттилик” давлатларини глобал ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай муҳит яратишга чақирди.
Аввалроқ G7 давлатлари ўзининг мақсади Хитой билан имкони борича ва ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда “конструктив ҳамкорлик” қилиш эканини айтган, шунингдек, Тайвань ҳудудида тинчлик ва барқарорлик муҳимлигини таъкидлаган ва Тайвань бўғози атрофидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган эди.