WP: республикачилар ғалаба қозонса, АҚШ Киевга ёрдамни ҳатто тўхтатиб қўйиши мумкин

“The Washington Post” АҚШдаги оралиқ сайловларда республикачилар муваффақият қозонган тақдирда, Киевга ёрдам қисқартирилиши ёки ҳатто тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини ёзмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Америка Қўшма Штатлари эртага, 8 ноябрь куни Конгрессга бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Республикачилар партияси вакиллари муваффақият қозонган тақдирда, Киевга “Республикачилар қиши”ни ташкиллаштириб, ёрдамни қисқартириши ёки ҳатто тўхтатиши мумкин. Американинг “The Washington Post” газетаси шарҳловчиси, халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Ишан Тарур шундай фикр билдирди.
Нашр республикачи Маржори Тейлор Гриннинг республикачилар қўл остида Украина “бир тийин ҳам олмайди” деган баёнотига таянган.
“Унинг партияси сешанба куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда сезиларли ютуқларга эришиши кутилмоқда ва Қўшма Штатларнинг Украина қаршиликларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ёндашувини ўзгартириши мумкин”, - деб ёзади газета шарҳловчиси.
Унинг сўзларига кўра, Республикачилар партиясида Украинани қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича консенсус йўқ. Грин республикачилар электоратининг бир қисми нуқтаи назарини ифодалаяпти, қарама-қарши позицияни партиянинг таниқли вакиллари, масалан, Сенатдаги республикачилар озчилиги етакчиси, Киевга ҳарбий ёрдамни кучайтириш тарафдори Митч Макконел илгари суряпти, деб ёзади нашр.
Газета шарҳловчисининг ёзишича, Конгресснинг Вакиллар палатаси республикачилар назоратига ўтса, президент Жо Байден маъмуриятига ва Эронга босимни кучайтиради. Ўз навбатида, Украина ҳам АҚШнинг ёрдамига таянишни тўхтатиши мумкин. Негаки Конгресс аллақачон 60 млрд долларга тенг ҳарбий ёрдамни маъқуллаган.
Муаллиф сайлов арафасида Республикачилар партиясидан турли номзодлар ва депутатлар Украинага ёрдамни молиялаштиришни тўхтатиш кераклигини айтиб чиққанини эслатган.
Унинг қўшимча қилишича, Европа давлатлари АҚШнинг Киевга ёрдами қисқариши мумкинлигидан хавотирда. Негаки европалик сиёсатчилар бўшлиқни тўлдириш учун етарлича сиёсий ирода кўрсата олмаслиги эҳтимолдан холи эмас.
NI Украина АҚШ ёрдамисиз қанча муддатда мағлуб бўлишини тахмин қилди