ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, шу ҳафта охирида Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг кун тартибидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга ўзининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини билдирди.
Ўзбекистон президентининг 20-21 октябрь кунлари Туркманистонга амалга оширилган расмий ташрифи давомидаги олий даражали учрашув ва тадбирларнинг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни, шу жумладан фаол парламентлараро мулоқотлар ва алмашинувларни давом эттириш орқали амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.