Самарқанддаги аксарият автобусларга видеорегистраторлар ўрнатилди

Эндиликда автобуслар ҳаракатланишга халал берган транспорт воситалари ҳамда йўллардаги бошқа қоидабузарликлар видеосини тизимга жойлаштириб боради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Самарқанддаги аксарият автобусларга видеорегистратор ускуналари ўрнатилди. Улар йўллардаги қоидабузарликлар видеосини тизимга жойлаштиради. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.Бойхўрозовнинг сўзларига кўра, бугун йўлларда ҳаракатни тартибга солишда аксарият ҳолларда фақат жарима, яъни жазо қўллаш усули иш бермоқда.

“Бекатларда тўхташ мумкин бўлмагани ҳолда айрим ҳайдовчилар бу қоидага амал қилмасдан жамоат транспортига халал беряпти. Шу сабабли бугун шаҳарда йўловчи ташиш билан шуғулланадиган аксарият автобусларга видеорегистратор ускуналари ўрнатилди. Энди улар нафақат ўзларига халал берган, балки йўллардаги бошқа қоидабузарликлар видеосини тизимга жойлаштиришлари мумкин”, - дейди у.

Таъкидланишича, йўл ҳаракати қоидаларини бузаётганларга чора кўриш, бунда жамоат транспорти ҳайдовчиларини рағбатлантириш билан боғлиқ бу усул ижобий натижа бермоқда.
Мутахассиснинг фикрича, аслида бу масала кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Токи, йўл ҳаракати қоидаларга амал қилиш жаримага учрамаслик учунгина эмас, аксинча, онгли тарзда амалга ошиши зарур.