Россия Украина билан музокаралар учун очиқлигича қолмоқда – Песков

Биз Россия томони музокаралар бўйича ўз мақсадларига эришиш учун очиқлигича қолаётганини бир неча бор таъкидладик, дейди Песков.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Россия Украина билан музокаралар учун очиқлигича қолмоқда, бироқ ҳозирча уларни давом эттиришнинг иложи йўқ. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлади.
“Биз Россия томони музокаралар бўйича ўз мақсадларига эришиш учун очиқлигича қолаётганини бир неча бор таъкидладик, лекин Киевда Россия томони билан ҳеч қандай музокараларни давом эттирмаслик қонунга айлантирилгани учун ҳозирда бундай имкониятни кўрмаётганимизга ҳам қайта-қайта барчанинг эътиборини қаратдик”, деди Песков журналистларга.

Россия-Украина музокаралари

Россия-Украина музокаралари 28 февралда, уруш бошлаганидан тўрт кун ўтиб ўтказила бошлади. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди.
Бироқ, кейинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина музокаралар жараёнини секинлаштириш мақсадида ўз таклифларидан воз кечиб, кўплаб провокациялар яратаётганини айтди.