ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида 2023 йил 1 январдан Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинади. Бу президент 3 ноябрь куни имзолаган 414-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида таълим дастурлари халқаро рейтингда юқори бўлган хорижий ОТМ дастурига кўра шакллантирилади.
2023/2024 ўқув йилидан бир қатор спортчилар касбий (ижодий) кириш имтиҳонларини топширишдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади.
Имтиёзлар қуйидаги спортчиларга берилади:
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвонига эга спортчилар;
Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер спорт унвонига эга спортчилар;
Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвонига эга спортчилар;
Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган спортчилар.
Шунингдек, 2023 йил 1 январдан “Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш ташкил қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишганди. Унда талабаларни рағбатлантириш учун Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияси жорий этилиши маълум қилинганди.
Шунингдек, спорт соҳасида барча бакалавриат ва магистратура йўналишларига оид малака талаблари қайта кўриб чиқилиши, ўқитувчилар ва битирувчиларнинг билими, маҳорати ва педагогик кўникмаларини баҳоловчи компетенциявий сертификатлаш йўлга қўйилиши ҳам айтиб ўтилган.
Маълумот учун, Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) Хивада туғилган. У олим, шоир, паҳлавон, шу билан бирга пўстиндўз ва телпакдўз уста бўлган. Маълум қилинишича, Паҳлавон Маҳмуд Эрон ва Ҳиндистонда анча йиллар яшаган. Эрон, Ҳинд каби кўплаб Шарқ мамлакатларидаги кураш мусобақаларида қатнашиб, ҳамиша зафар қучган ва мамлакатнинг биринчи полвони бўлган.