ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат олий таълим муассасаларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ҳужжат лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсияномасига эга бўлган ҳоким ёрдамчиларини ОТМга қабул қилиш белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иқтисодиёт соҳаси бўйича бакалавриат таълим йўналишларининг сиртқи таълим шаклига суҳбат натижаларига асосан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Ҳужжат қабул қилинса, тавсияномага эга бўлган абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш ҳар йили 10 августдан 20 августгача бўлган муддатда Давлат тест марказининг махсус электрон тизими орқали амалга оширилади.
Қарор лойиҳасида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:
Абитуриентлар билан суҳбат ўтказиш бўйича алоҳида суҳбат комиссияси ташкил этиш;
Суҳбат жараёни тўлиқ видеокузатув остида ўтказиш ва жараёнлар кузатувчилар учун ажратилган алоҳида кутиш жойига онлайн трансляция қилиб бориш;
Суҳбат жараёни ҳар йили 5 сентябрдан 15 сентябргача, олий таълим муассасаси томонидан белгиланган муддатда ўтказиш;
Суҳбат жараёнида абитуриентларнинг ҳар бирига жами тўртта савол берилиши ҳамда ҳар бир саволга 25 баллдан ажратилиб, жами тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 100 баллни ташкил этиш;
Қўйилган балларнинг ўртачаси 55 баллдан юқори бўлганда абитуриент суҳбатдан ўтган деб ҳисоблаш.
Ҳоким ёрдамчиларини ўқитиш харажатлари Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Қарор муҳокамаси 19 ноябрга қадар давом этади.
Маълумот учун, бугунги кунда республикадаги 10 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Ҳоким ёрдамчиларини тайинлаш жараёнида иқтисодий билимларни эга бўлган кадрлар етишмовчилиги юзага келди. Шунга кўра олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият олиб бораётган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларга иқтисодий ва молиявий билимларни эгаллаган бўлиш зарурати юзага келмоқда.