Ноқулай об-ҳаво сабаб самолётлар Тошкент аэропортидан бошқа бандаргоҳларга йўналтирилди

Жумладан, “Uzbekistan Airways”нинг Фарғонадан амалга ошириладиган учта рейси кечиктирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Бугун, 7 ноябрь куни, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бир қанча рейслар Тошкент халқаро аэропортидан бошқа ҳаво бандаргоҳларига йўналтирилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airways” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қуйидаги рейслар мажбуран бошқа аэропортларга ўтказилди:
HY602 Москва – Тошкент қатнови Навои аэропортига йўналтирилди;
HY336 Жидда – Тошкент қатнови Самарқанд аэропортига йўналтирилди.
Ушбу йўналишдаги қатновлар белгиланган манзилга етиб борган.
Бундан ташқари, Фарғона халқаро аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли режалаштирилган HY081 Тошкент – Фарғона рейси соат 06:55 дан 09:30 га кўчирилган. HY277 Фарғона – Истанбул рейси Фарғона халқаро аэропортидан ўз йўналиши бўйича жўнаб кетган.
Шу муносабат билан, HY278 Истанбул – Фарғона ва HY082 Фарғона – Тошкент рейслари кечикиб амалга оширилади.
“Uzbekistan Airways” АЖ ахборот хизмати авиакомпания учун йўловчилар хавфсизлиги юқори ўринда туришини эслатиб ўтган. Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраган.