ТОШКЕНТ, 7 ноя - Sputnik. Бокуда бўлиб ўтган мусобақада юқори натижа қайд этган ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова жаҳон рейтинги етакчисига айланди, деб хабар қилмоқда МОҚ.
Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказилган “Катта дубулға” турниридан сўнг Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) спортчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди.
Диёра Келдиёрова (52 кг) - 5750 очко. Қайд этилишича, шу пайтгача ҳеч бир ўзбекистонлик дзюдочи қиз дунё рейтингида биринчи ўринга кўтарилмаган.
Эндиликда жаҳон тасниф жадвалини бошқариб бораётган ўзбекистонликлар сони 2 нафарга етди. Яна бир рейтинг етакчиси - Давлат Бобонов (90 кг)– 6134 очко.
Хабарда айтилишига кўра, Бокуда юқори натижа қайд этган Ўзбекистонлик яна бир неча дзюдочиларнинг ҳам ўз рейтинг натижаларини сезиларли яхшилашга муваффақ бўлишган.
Эслатиб ўтамиз, дунёнинг 61 давлати иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.