Ўзбекистон шафтолисини асосан Россияга экспорт қилмоқда

Россия 9 ой давомида Ўзбекистондан 64,6 минг тонна шафтоли сотиб олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Ўзбекистон 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида хорижга қиймати 68,1 млн долларга тенг бўлган 76,7 минг тонна шафтоли экспорт қилган. Бундан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари дарак бермоқда.
Шафтоли экспорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 21,3 минг тоннага ошган.
9 ойда Ўзбекистон энг кўп шафтолини Россияга (64,6 минг тонна) экспорт қилган.
Кейинги ўринларда Қирғизистон (6,4 минг тонна), Қозоғистон (4,8 минг тонна), Туркманистон (471 тонна) ва Беларусь (261 тонна).
Фарғона вилояти хорижга шафтоли сотиш бўйича ҳудудлар орасида етакчи. Вилоят тўққиз ой ичида 43,6 минг тонна шафтоли экспорт қилишга эришган.
Самарқанд вилояти – 6,3 минг тонна, Тошкент вилояти – 6,1 минг тонна, Хоразм вилояти – 5,7 минг тонна билан экспорт бўйича кейинги ўринларда.