ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Бишкек шаҳрида Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров билан учрашди.
Учрашув давомида икки мамлакат алоқалари Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг конструктив ва ишончли мулоқоти асносида стратегик шериклик руҳида ижобий суръатларда ривожланаётгани қайд этилди.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо жадал ўсиб бораётгани, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилиб, минтақалараро ва маданий алмашинувлар кенгайиб бораётгани мамнуният билан эътироф этилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон-Қирғизистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича янги савдо шартномалари, битимлар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонларнинг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёрлиги билдирилди.