Европа Иттифоқи Россияга қарши чеклов чоралари билан Украинадаги минтақавий можарони глобал муаммога айлантирди. Венгрия адлия вазири Юдит Варга “National Interest”га берган интервьюсида шундай фикр билдирди.
“ЕИ Россияга қарши жорий қилган, лекин Европанинг ўзига кўпроқ зиён келтираётган ақлбовар қилмас чекловлари билан глобал муаммони юзага келтирди. Ҳа, россияликлар камроқ қазилма ёнилғи сотяпти, лекин нархлар кўтарилгани сабаб улар шунинг ўзидан кўп фойда оляпти. Авваллари санкциялар оқибатлари бундай баҳоланмаган. Шундай қилиб, Украина можаросига Венгрия нуқтаи назаридан қараш, Европада қабул қилинган умумий хулосадан фарқ қилиши мумкин”, деган вазир.
Унинг фикрича, Россияга қарши санкциялар ЕИда энергетика инқирози ва инфляциянинг ўсишига сабаб бўлди. Вазир Украина бўйича узоқ муддатли келишувни фақатгина Россия ва АҚШ ишлаб чиқиши мумкинлигига ишонч билдирган. Агар Дональд Трамп ва Ангела Меркель каби етакчилар ҳокимиятда қолганида Украина муаммоси минтақавий даражасидан чиқмаган бўларди, дея фикр билдирган Варга.
Адлия вазири АҚШнинг Республикачилар партиясига оралиқ сайловларда омад тилаган. Россия Украинада махсус ҳарбий операция бошлаганидан сўнг, Ғарб давлатлари Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтирди, аммо бу АҚШ ва Европанинг ўзида ёқилғи нархининг ошиши ва рекорд даражадаги инфляцияни келтириб чиқарди.
Президент Владимир Путиннинг таъкидлашича, Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарб учун узоқ муддатли стратегиядир, аммо санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига қаттиқ зарба берди.