Узайтирилган таътил, қўшимча ҳуқуқлар, нафақа: янги Меҳнат кодексида нималар ўзгарди

Янги кодексда аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўплаб қулай шароитлар кўзда тутилмоқда. Батафсил - Sputnik мақоласида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳужжат 6 ойдан сўнг – 2023 йил 30 апрелда кучга киради ва 1995 йилдан бери амалда бўлган Меҳнат кодексининг ўрнини эгаллайди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2021 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган эди. Кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат.
Янги кодекс фуқаролар учун қандай янгиликларни ўз ичига олганини Sputnik ўрганди.
Кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:
меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;
меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;
меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;
меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;
ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик.
Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.
Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари:
14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;
“Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;
Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
ногиронлиги бўлган шахслар;
пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;
одам савдосидан жабрланганлар.
Ҳужжатга кўра, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Меҳнат шартномасига айрим нормаларни киритиш тақиқланади
Энди Меҳнат кодексига кўра, меҳнат шартномасига қуйидаги шартларнинг киритилиши ўз ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди:
ходимнинг ҳолатини меҳнат қонунчилигига ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштирадиган;
меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш талабларини бузадиган;
мажбурий меҳнатни тақиқлаш ҳақидаги талабларни бузадиган;
ходимни қонунга хилоф ҳаракатларни, бошқаларнинг ёки ходим ўзининг ҳуқуқларини бузадиган, ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган, шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган ҳаракатларни амалга оширишга мажбурлайдиган шартлар.
Меҳнат шартномаси айрим шартларининг ҳақиқий эмаслиги меҳнат шартномасининг умуман ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди.
Дам олиш куни
Янги кодексга мувофиқ дам олиш куни байрам кунига тўғри келса кейинги кунга кўчирилади. Масалан, якшанба – дам олиш куни 1 сентябрга тўғри келса, дам олиш куни душанбага кўчирилади.
Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.
Дастлабки синов
Янги кодекс кучга киргач, қуйидагилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди (129-модда):
ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий);
захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар;
давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;
тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан бир йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус,
профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;
ўзи билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар;
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар;
ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар;
жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар.
Дастлабки синов фақат ходимни ишга қабул қилиш чоғида белгиланиши мумкин. Ходим бошқа ишга ўтказилаётганда ва бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмайди.
Кодекснинг 130-моддасига кўра, дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги керак.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим ҳақиқатда ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига қўшилмайди.
Ишдан бўшатиш нафақаси
Янги Меҳнат кодексининг173-моддасига кўра, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:
3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;
3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;
5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;
10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;
15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.
Амалдаги Меҳнат кодексида ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Ҳомиладор аёлларга қўшимча бўш кунлар берилади
Янги кодексда, шунингдек, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги белгиланди (403-модда).
Ҳомиладор аёлларни антенатал (туғруққача) парваришлаш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қонунийлашган масофадан ишлаш тартиби
Ҳужжатнинг 452-моддасига мувофиқ масофадан туриб ишлаш тартиби қонунлаштирилди. Янги Меҳнат кодекси асосида ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш шарти билан иш берувчи ва ходим ўртасида масофавий меҳнат муносабатлари жорий этилиши мумкин. Масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузилади.
Масофадан туриб ишлаш режими қуйидаги ҳолларда белгиланиши мумкин:
ходимни ишга қабул қилишда;
ходим одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилган тақдирда иш жараёнида.
Уй ишчилари
Уй ишчиларининг меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди (514-модда). Кодексда иш берувчи бўлган жисмоний шахсларга уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи ходимлар (боғбонлар, энагалар, қоровуллар, оқсочлар, ҳайдовчилар ва бошқалар) уй ишчилари деб белгиланди.
Уй ишчиларини ишга қабул қилишга улар ўн олти ёшга тўлганида йўл қўйилади.
Узайтирилган меҳнат таътили
Кодексдаги асосий янгиликлардан яна бири йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди. Илгари таътил 15 иш кунидан давом этарди.
Оммавий ишдан бўшатиш мезонлари
Ишчиларни оммавий ишдан бўшатиш мезонларини белгиланди. Уларга қуйилагилар киритилди:
а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;
б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:
ўттиз календарь кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
олтмиш календарь кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
тўқсон календарь кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.
Кодексда ходимнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилиш тартиби жорий этилди.
Бунда ходимининг туғилган вақти, тугатган таълим муассасаси, ишлаган ташкилотлари, телефон рақами, уйланганлиги ёки турмушга чиққанлиги, соғлиги ҳолати, қариндош-уруғлари ва шу каби бошқа фактлар иш берувчи томонидан учинчи шахсларга қонунга зид тарзда тақдим этилиши мумкин эмас. Соддароқ айтганда, “менга фалон ходимингизнинг “объективка”сини ташлаб юборинг” қабилидаги “илтимослар” энди қонунан тақиқланади.
Аёлларга қўшимча ҳуқуқлар берилади (25-боб, 1-параграф)
Аёлларнинг ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам алоҳида белгиланди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари кенгайтирилди, шунингдек, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши тақиқланди.
Иш вақти турлари кенгайтирилмоқда: сменали иш, мослашувчан иш тартиби, иш кунини қисмларга бўлиш, хизмат сафарлари ва бошқалар киритилди.