ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Россиядан пул ўтказмалари камайиши мумкинлигидан хавотирда. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Самарқандда бошланган II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форумидаги нутқида айтиб ўтди.
“Бизни хавотирга солган навбатдаги нарса Россиядан пул жўнатмаларининг камайгани бўлди. Ҳақиқатда эса пул жўнатмалари кўпайганини кўряпмиз”, - деди Қўчқоров.
Шунингдек, сўнгги икки йил мамлакат учун оғир давр бўлганини таъкидлади.
“Биз жуда қийин даврни бошдан кечирдик. Биринчидан, икки йиллик пандемия, ҳозир эса дунёдаги кескин вазият, таъминот занжиридаги узилишлар, озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ошиши”, - дейди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати энг кўп озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги вазиятдан хавотирда.
“Ҳозир ҳам бозорларнинг тарқоқлиги давом этмоқда, бироқ энди бизда ҳеч қандай муаммо йўқ, бунинг учун бозорларини очган қўшниларимизга раҳмат”, - дея қўшимча қилди Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, йил бошидан бери Россиядан Ўзбекистонга 5,3 млрд доллар ўтказилди. Бу республикага юборилган пул ўтказмалари умумий ҳажмининг 81 фоизини ташкил этади, дея таъкидламоқда Евроосиё тараққиёт банки таҳлилчилари. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,4 баробар кўпдир.
Россиядаги хорижий ишчилар сони ҳам ўсди – жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга ишлаш учун 3 миллиондан ортиқ киши борган. Айни пайтда уларнинг 1,5 миллиони ўзбеклардир. Экспертлар фикрига кўра, чет эллик мутахассисларни рублнинг кучли курси ўзига жалб қилмоқда. Негаки шу орқали улар миллий валютада кўпроқ даромад олишлари мумкин.