ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Афғонистон бўйича Москва формати йиғилиши жорий йил ноябрь ойининг ўрталарига режалаштирилган. Бу ҳақда Россия президентининг махсус вакили, Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, америкаликлар билан турли кўп томонлама форматлар, жумладан кенгайтирилган “учлик” (Россия, Хитой, АҚШ, Покистон) музокаралари тажрибаси шуни кўрсатдики, “океан ортидаги ҳамкасблар улардан ўзларининг минтақа манфаатларига зид устунлигини сақлаб қолишдек худбин мақсадларини илгари суриш учун фойдаланаётганини кўрсатди”.
“Шуни ҳисобга олиб, биз Москва формати (Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) доирасидаги ишларга эътибор қаратиш ниятидамиз, унинг навбатдаги йиғилишини ноябрь ойининг ўрталарида Москвада ўтказиш режалаштирилган”, - деб ёзади Кабулов “Независимая газета”даги мақоласида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 июль куни Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилганди. Унда иштирок этган Афғонистон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий АҚШни ҳеч қандай шартларсиз мамлакатнинг музлатилган пулларни қайтаришга чақирганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш муҳим эканлигини қайд этган.
Нуфузли тадбирда 20 дан ортиқ давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, ўнлаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этди.