Географик объектларга ном беришда аҳолининг фикри ҳисобга олинади

Географик объектларга жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини беришга йўл қўйилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Эндиликда географик объектларга ном беришда аҳолининг фикри ўрганилади. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев имзолаган ЎРҚ–799 сонли қонунда назарда тутилган.
Қонунга кўра, географик объектларга жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини беришга йўл қўйилди.
Бунда Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш уларнинг вафотидан кейин президентининг қарорига асосан ҳамда, қоида тариқасида, номлари мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига нисбатан амалга оширилади.
Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш жараёнида маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олинади.
Таклифлар келиб тушганидан кейин муҳокама қилиш учун уларни 5 иш кунида тегишли органлар ўзларининг расмий нашрларида, расмий веб-сайтларида, шунингдек оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Шунингдек, таклифлар муҳокамаси улар эълон қилинган санадан эътиборан 15 кундан кам бўлмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сенаторлар томонидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонун мақулланган эди.
Қонунчиликда географик объектларга шахсларнинг номини беришда талаблар мавжуд бўлмаган. Ушбу ҳолатлар географик объектларнинг номлари қайта-қайта ўзгартирилишига сабаб бўлган.