“Ал-манар” маркази хаттотлик санъатини қайта тиклашга ёрдам беради - тафсилотлар

Янги очилган марказда кимлар араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ олиши мумкинлиги ҳақида материалимизда ўқинг.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Бухорода араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ берувчи “Ал-манар” маркази ўз фаолиятини бошлади. Унда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ўқувчиларга таълим берилади. Бу ҳақида “Ал-манар” маркази юритувчиси Азимжон Якубов Sputnik мухбирига маълум қилди.
Марказ ўқувчилари бухоролик машхур хаттотлар, шунингдек араб тилидан сертификатга эга малакали ўқитувчилардан дарс олади.
Бухородаги “Ал-манар” маркази

“Хаттотликда ҳар бир белги ва нуқтанинг ўз маъноси бор. Шунинг учун ҳам ўқувчилар битта хат турини уртача 3 ойда ўрганишади. Араб тили дарслари икки босқичда ўқитилади. Биринчи босқичда ёзиш ва ўқиш ўргатилса, иккинчи босқич араб тили граматикаси, таржимаси, сўзлашув, эшитиб тушиниш амалиётларини қамраб олади”, - дейди Азимжон Якубов.

Унинг сўзларига кўра, марказ хаттотликка қизиқувчи аҳоли ўртасида мазкур санъатни қайта тиклашга ёрдам беради.

“Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш билан хаттотлар шуғулланган. Йиллар давомида бу санъат ривожланиб, турли хаттотлик мактаблари юзага келди. Масалан, Бухоро хаттотлик мактабининг Мирали Хиравий, Мир Убайд Бухорий, Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий каби йирик вакиллари бўлган. Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактабларида ҳам ўз ишининг устаси саналган кўплаб зиёлилар етишиб чиққан”, - дейди у.

Ўзбекистонда азалдан хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворларига хаттотлик услубларида Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан ёзилган битиклар бор.