Самарқанд аэропорти яна ёпилади

Қайд этилишича, Самарқанд аэропорти рейсларни қабул қилиш учун тўрт кун ёпилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Самарқанд аэропорти техник сабабларга кўра 8 ноябрь соат 00:01 дан 12 ноябрь 00:01 га қадар парвозлар учун ёпилади. Бу ҳақда AviaAlertsUZ Telegram каналида хабар берилган.
11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бўлиб ўтади. Ташкилотга аъзо мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларининг учрашуви арафасида иқтисодиёт ва ташқи ишлар вазирларининг учрашувлари бўлиб ўтади.
Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд аэропорти шаҳарда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан 14-16 сентябрь кунлари тижорат йўловчи ва юк қатновлари учун ёпилган эди.