Россия Ҳиндистонга энг йирик нефть етказиб берувчига айланди

Ҳиндистон денгиз орқали етказиб бериладиган Россия нефтини импорт қилиш бўйича биринчи марта Европа Иттифоқини ортда қолдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Россия жорий йилнинг октябрь ойида Ҳиндистонга нефть етказиб бериш бўйича анъанавий етакчи давлатлар Саудия Арабистони ва Ироқни ортда қолдириб, етакчига айланди. Бу ҳақда РИА Новости "Vortexa" таҳлил компанияси маълумотларига таянган ҳолда ёзмоқда.
“Октябрь ойида Россия Ҳиндистонга кунига 946 минг баррель нефть етказиб берган ва бу бир ой ичидаги энг юқори кўрсаткич ёки Ҳиндистон хом нефт импортининг 22 фоизини ташкил этди Шу билан бирга, октябрдаги етказиб берилган нефтнинг 20,5 фоизи Ироқ, 16 фоизи Саудия Арабистони ҳиссасига тўғри келди”, - дейилади хабарда.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, Ҳиндистоннинг хом нефть импорти октябрь ойида сентябрга қараганда 5 фоизга, Россиядан импорт эса 8 фоизга ўсган. Шу билан бирга, Ҳиндистон денгиз орқали етказиб бериладиган Россия нефтини импорт қилиш бўйича биринчи марта Европа Иттифоқини ортда қолдирди. Мамлакат Россиядан ЕИга қараганда 34 фоиз кўп “қора олтин” сотиб олган. Бу борадаги яққол пешқадам кунига миллион баррелдан кўп импорт қиладиган Хитой ҳисобланади.
Шу билан бирга, таҳлилчилар Ғарб томонидан Россия хомашёси учун таклиф қилинган юқори нарх билан боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин бўлган етказиб беришдаги чекловлар туфайли декабрь ойида Россиядан Ҳиндистонга нефть импортининг қисқариши мумкинлигини инкор этмаяпти.
“5 декабрда Европа Иттифоқининг чекловлари кучга кирганда Россия нефть таъминотини шу даражада ушлаб туриш мумкинми деган катта ноаниқлик сақланиб қолмоқда, Россиянинг Болтиқбўйи портларидан нефтни ташиш учун муз синфидаги танкерларнинг етарли бўлиши энг катта чекловлардан бири ҳисобланади”, - дейди таҳлилчи Серена Хуанг.
Туркия Россия нефтини Ғарб иштирокисиз сотиб олиши мумкин
Октябрь ойи бошида Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг саккизинчи пакетини қабул қилди. У Россия нефтини денгиз орқали учинчи давлатга етказиб бериш учун юқори нарх белгилаш учун қонуний асосларни ҳам ўзига олганди.
2022 йил 5 декабрдан нефтга, 2023 йил 5 февралдан эса нефть маҳсулотларига юқори нарх жорий этилиши режалаштирилган. Газ нархининг юқори чегарасини жорий этиш ҳали ҳам муҳокама қилинмоқда ва бу борада ҳали келишувга эришилмаган.
Ғарбда нефть учун юқори нарх белгилаш ёзда АҚШ ташаббуси билан бошланди. Америка Молия вазирлиги бир баррель нефть учун 40-60 доллар атрофида нарх белгилашни таклиф қилди. Эндиликда “Bloomberg” агентлигининг манбаларга таяниб ёзишича, президент Жо Байден маъмурияти юқори нархни ошириш шартларини кўриб чиқяпти. Агентлик, шунингдек, АҚШ ва Европа Иттифоқи кутилганидан юқори нарх билан эркинроқ бошқариладиган чекловларни жорий этиши мумкинлигини таъкидлаган.