ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Туркманистон давлат чегарасини делимитация қилиш ва Каспий денгизидаги балиқчилик зоналарининг туташ участкаларини ажратиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берган.
“Давлат раҳбари “Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги Қозоғистон-Туркманистон давлат чегарасини делимитация қилиш ва Каспий денгизидаги балиқчилик зоналарининг туташ участкаларини ажратиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади”, дейилади хабарда.
Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида 2021 йил 25 октябрь куни Тоқаевнинг Aшхободга давлат ташрифи якунлари бўйича келишув имзоланган. Қозоғистон парламенти шу йил 20 октябрда келишувни ратификация қилган.
Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегарасининг умумий узунлиги 458 километрни ташкил этади.