ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Россия Буюк Британия элчиси Дебора Броннертга расмий Лондон Қора денгиз флотининг Севастополдаги базасига уюштирилган ҳужумга алоқадорлигини исботловчи материаллар ва далилларни тақдим этади. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова брифингда маълум қилди, деб хабар берди РИА Новости.
“Албатта, 29 октябрь куни Севастополдаги Қора денгиз флоти базасига уюштирилган терактда, “Шимолий оқим”даги саботажда Британия разведка хизматларининг алоқаси борлигига шубҳа йўқ, улар жавобдан бебаҳра қолмайди, биз бу ҳақда Хавфсизлик Кенгашида очиқ гаплашган эдик”, - деди дипломат.
Захарова тез орада Британия элчиси Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиши ва унга тегишли ҳужжатлар тақдим этилишини, кейинроқ улар билан жамоатчилик ҳам танишиши мумкинлигини тасдиқлади.
“Бу ерда гап аниқ этика ҳақида эмас, лекин маълум процессуал муаммолар бор: элчи Смоленкага чақирилиб, учрашув ўтказилиши билан биз ушбу маълумотни баҳам кўрамиз, у бизнинг манбаларимизда эълон қилинади – ТИВ сайти ва ТИВнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида”, - дея қўшимча қилган вазирлик вакили.
29 октябрь куни эрта тонгда Киев режими Севастополь акваториясидаги Қора денгиз флоти кемалари ва фуқаролик кемаларига террорчилик ҳужуми уюштирди. Россия Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, терактга тайёргарлик кўриш ва Украинанинг 73-Денгиз операциялари махсус маркази ҳарбий хизматчиларининг тайёргарлиги Буюк Британиядан келган мутахассислар раҳбарлигида амалга оширилган.
Шундан сўнг, Москва озиқ-овқат бўйича келишувда иштирокини вақтинчалик тўхтатиб қўйди. Бироқ Украина Қора денгиз дон йўлаги ва Украина портлари Россияга қарши ҳарбий амалиётлар учун фойдаланилмаслигига етарли кафолатлар берганидан сўнг, 2 ноябрь куни РФ битимдаги иштирокини қайта тиклади.