Лойиҳа “Botas” хом нефть ва табиий газ қувурлари компанияси ҳамда “Epias” энергетика биржаси билан келишилган. Европа Иттифоқи хавотирда: уфқда имиж ва иқтисодий йўқотишлар бўй кўрсата бошлади. Россия ва Туркия қандай имтиёзларга эга бўлади ва Европада нимадан қўрқишяпти – РИА Новости материалида шу ҳақда сўз боради.
Нима учун қуриляпти?
Россия президенти Владимир Путин “Россия энергетика ҳафталиги” форумидаги нутқида “Шимолий оқим”га қўшимча янги газ қувури ва хаб қуриш таклифини билдирди. Туркиядан ёнилғи учинчи давлатларга, аввало Европага юборилади, албатта улар буни хоҳласа.
Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Донмезнинг октябрь ойи охирида маълум қилишича, аллақачон ишга киришилган.
“Бизда доим газ маркази бўлишни мақсад қилганмиз”, - дея таъкидлади у.
Хаб – бу инфратузилма объектлари билан боғлиқ бўлган тарқатиш майдони. У ерга газ оқиб келади ва унинг нархи ўша ерда шаклланади.
Ноёб имконият
“Газпром”да таъкидланишича, лойиҳа ҳамма – Москва, Анқара ва Брюссель учун фойдали. Таҳлилчилар ҳам шундай фикрда.
“Туркия Россиядан Европа Иттифоқига транзит орқали ҳозиргидан анча кўп пул ишлаб олади. Аммо бу “Шимолий оқим”ларнинг ўрнини тўлақонли босмайди. Уларнинг ҳар бири 55 млрд кубометр қувватга эга. “Турк оқими” – 31,5 млрд, “Мовий оқим” – 16 млрд”, - деб тушунтирган мустақил эксперт Леонид Хазанов.
Миллий энергия хавфсизлиги жамғармаси бош директорининг ўринбосари Алексей Гривачнинг эслатишича, турклар бир неча ўн йиллардан бери хаб ғояси билан “овора”. Энди уларнинг орзуси ушалиши мумкин.
“Туркия Европа Иттифоқига нафақат Россиядан, балки Озарбайжон, Эрон ва Туркманистондан ҳам газ етказиб бериш орқали газ жекпотини қўлга киритади. Тўғри, бунинг учун ҳукумат ва маҳаллий нефть-газ компаниялари қаердандир топиши керак бўлган жуда катта сармояларни талаб қилади”, - деб қўшимча қилади Леонид Хазанов.
"Эгасиз" газ
Агар лойиҳа амалга оширилса, салбий сиёсий вазиятга қарамай, Россия хомашёнинг бир қисмини Европага жўнатади, европаликлар газни “шахссиз” кўринишда олади: ахир у савдо майдончасига қаердан келгани ёзиб қўйилмайди-ку. Албатта, Европа Иттифоқи маълум имиж йўқотишларига учрайди, лекин қиммат суюлтирилган табиий газ (СТГ) сотиб олишни камайтиради.
Шу билан бирга, стратегик йўқотишлар ҳам истисно қилинмайди. Масалан, Германия Европанинг энг йирик газ хаби мақомини Туркияга бериб қўяди.
Европа Иттифоқи лойиҳадан хавотирда ва ҳеч қачон Россия газини сотиб олмаслигига ишонтирмоқда. Чехиянинг саноат ва савдо вазири Юзеф Сикела Туркиянинг “Dnya” газетасига берган интервьюсида Европада нефть ва газ импорти, хусусан, Россияга нисбатан жиддий баҳс чиқараётганини тан олди.
“Бу газ қаердан келгани аниқ. Менимча, Европа уни сотиб олмайди”, - дейди у.
Танлов бор
Экспертлар фикрича, ЕИнинг энергия ресурслари етказиб беришни диверсификация қилишга уриниши янги газ хаби учун хавф ҳисобланади. “Газпром”нинг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил 1 январдан 15 октябргача Европага газ етказиб бериш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,4 фоизга (63 миллиард куб метрга) камайди. Тахминларга кўра, 2022 йилда корпорация Европа давлатларига экспортининг ярмидан мосуво бўлиши мумкин.
“Ҳақиқатан ҳам ортиқча ёқилғига талаб йўқлиги билан боғлиқ муаммо бор ва Ўрта ер денгизи маркази буни ҳал қилиши мумкин. Бироқ, масала Европа Иттифоқи позициясида – у ерда Россиядан газ импортини янада чеклаш истаги қанчалик кучли”, - дейди иқтисодчи ва сармоя бўйича хусусий маслаҳатчи Николай Неплюев.
Европага АҚШ ҳам босим ўтказишда давом этади.Уларга бундай хаб умуман керакмас, ахир Американинг 70 фоиз суюлтирилган табиий гази Европа бозорига экспорт қилиняпти. Расмий Вашингтон ҳукуматга таъсир ўтказишга уринишдан тортиб, санкцияларгача бўлган чораларни кўради, - дея тахмин қилмоқда Хазанов.
Брюсселнинг гапга кўнувчанлиги барқарор ёқилғи таъминотидан қай даражада манфаатдор экани ва ёмонлашиб бораётган иқтисодий вазиятга боғлиқ бўлади.
Бу қишда инқирознинг кучайиши кутилмаяпти: деярли барча Европа газ омборлари тўлдирилди. Бироқ Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) раҳбари Фотиҳ Биролнинг огоҳлантиришича, келаси йилда вазият бир мунча ёмон бўлиши мумкин.
Европа декабрь ойидаёқ Россиядан қувур орқали етказиб берилаётган газдан маҳрум бўлиш хавфи остида – нархларнинг юқори чегараси жорий этилса, Москва ёқилғини сотмай қўяди. Натижада, ХЭА томонидан ҳисоб-китобларига кўра, февраль ойида омборхоналар деярли бўшаб қолади – 20 фоиз атрофида газ қолади. Ва бу ҳатто саккиз ой ичида 65 фоизга ўсган СТГ импортининг ҳозирги даражаси сақланиб қолса ҳам юз беради.