Сочидаги Путин, Пашинян ва Алиев музокаралари: томонлар нималарга келишиб олишди

Сочида Россия, Озарбайжон ва Арманистон етакчилари ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг қўшма баёнот қабул қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Сочида Россия президенти Владимир Путин, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг уч томонлама учрашуви якунланди. Музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди.
Давлат етакчилари, хусусан, қандай келишувларга эришишди:
Томонлар барча муаммоли масалаларни БМТ Низоми ва 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мувофиқ суверенитет ва чегаралар дахлсизлигини ўзаро тан олиш асосида ҳал қилишга тайёр эканликларини маълум қилдилар;
Арманистон ва Озарбайжон куч қўллашдан ёки уни қўллаш таҳдидидан тийилишга келишиб олди;
Сочида Путин, Пашинян ва Алиев Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномасини тузишга фаол тайёргарлик кўриш муҳимлигини қайд этишди;
Пашинян ва Алиев Россиянинг Ереван ва Боку ўртасидаги муносабатларни яхшилашга кўмаклашишга тайёрлигини олқишлашди;
Россия, Озарбайжон ва Арманистон етакчилари муаммони ҳал этиш учун ўзаро мақбул йўлларни топишга келишиб олишди, Россия бунга кўмаклашади;
Путин, Пашинян ва Алиев Арманистон-Озарбайжон муносабатларини яхшилаш учун келишувларга риоя қилишга тайёрликларини тасдиқлашди;
Суҳбат чоғида Россия тинчликпарвар контингентининг уни жойлаштириш зонасида хавфсизликни таъминлаш ва минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришга қўшган муҳим ҳиссаси қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Сочидаги Россия, Aрманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг уч томонлама учрашуви Тоғли Қорабоғдаги вазиятни тартибга солишга қаратилган эди. Россия президенти уч томонлама учрашувдан олдин Пашинян ва Алиев билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Тоғли Қорабоғдаги жанглар 2020 йил сентябрь ойи охирида қайта бошланган. Aрманистон ва Озарбайжон сулҳ тузишга бир неча бор уринди, бироқ 2020 йил 10 ноябрга ўтар кечаси эришилган уч томонлама келишув муваффақиятли якунланди. Москва воситачилигида Озарбайжон ва Aрманистон ўт очишни тўлиқ тўхтатиб, асирлар ва ўлганларнинг жасадларини алмашишга келишиб олди. Келишув доирасида Ереван Бокуга қуйидаги туманларни берди: Калбажар, Лочин, Aгдам.