Шавкат Мирзиёев энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билан танишди

Қайд этилишича, давлат раҳбари ҳамма соҳа ва ҳудудларда энергияни тежашга ўрганиш кераклигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари бу ҳақда бир ҳафта олдин куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича йиғилишда кўрсатма берган эди. Шу асосида куз-қиш мавсумида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ва бир маромда етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Маълумки, иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, турмуш даражаси яхшилангани сари энергияга талаб ҳам ошиб боради. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли 20 фоизга, жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоизга ошган. Бу кўрсаткич йилига 6 фоиздан ўсиб бормоқда.
Тақдимотда мутасаддилар таклифларни баён этди. Хусусан, саноат корхоналарида иш жараёнини оптималлаштириш, энергия ишлаб чиқариш технологиясини модернизация қилиш, қозонхоналарни янгилаш ва таъмирлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига табиий газ ва электр энергиясини 10 фоизгача қисқартириш мумкинлиги айтилди.
Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией предложений по эффективному использованию энергоресурсов.
Давлат раҳбари бу масала йилдан-йилга долзарб бўлиб бориши, шунинг учун ҳамма соҳа ва ҳудудларда энергияни тежашга ўрганиш кераклигини таъкидлади.
Хабарда айтилишича, мутасаддиларга ҳудудларга чиққан ҳолда, энергияни тежаш бўйича қўшимча имкониятларни излаш вазифаси қўйилди.
Ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш, қуёш панелларидан фойдаланишни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси ҳамда Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ваколатларини кучайтириш, ноқонуний ҳолатларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш бўйича вазифалар белгиланди.