Махсус операцияда янгича ёндашув: денгиздаги дронлар жанги

Севастополдаги Қора денгиз флоти ва фуқаролик кемаларига дронлар ёрдамида уюштирилган ҳужум муваффақиятли қайтарилди.
Sputnik
Ўн олтита учувчисиз учиш аппарати (УУА) ва денгиз дронининг Севастополга биргаликдаги ҳужуми – НАТОнинг Россия билан прокси урушида янги даража, қўғирчоқ Киев режимининг манфаатлари, қўшинлари ёки ресурсларини ҳисобга олмасдан, Украина жанг майдонлари ташқарисида тўғридан-тўғри қуролли қарама-қаршилик томон аниқ силжишдир.
Бу “учар голланд”ларнинг замонавий автоматлаштирилган бошқарув тизимлари қўмондонлиги остида учувчисиз учиш аппаратлари билан мувофиқликда кўп доменли жанговар мақсадларда фойдаланилишининг янги даврига киришни англатади.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 29 октябрь куни тонгда Севастополда жойлашган ҳам ташқи, ҳам ички рейдлардаги Қора денгиз флоти ва фуқаролик кемаларига террорчилик ҳужуми уюштирилган. Бирлашган ҳужумда тўққизта учувчисиз учиш аппарати ва еттита денгиз дронлари ҳаракатга келтирилган.
Душманнинг барча ҳаво типидаги дронлари кемалардаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тезкорлик билан уриб туширилган. Тўртта денгиз дрони Севастополнинг ташқи рейдида, учтаси эса ички рейдида кема қуроллари ва Қора денгиз флоти авиацияси ёрдамида йўқ қилинган.
“Иван Голубец” денгиз мина қўриқлаш кемаси ва Жанубий кўрфаздаги тўсиқ бироз шикастланган.
Россия мудофаа идораси Украинанинг 73-махсус денгиз амалиётлари маркази ва террорчилик ҳужумига тайёргарлик ишлари билан Николаев вилоятининг Очаков шаҳридаги Британия мутахассислари шуғулланганини маълум қилди.
РФ Қуролли кучлари 30 октябрь куни ҳаводан зарба бериб Очаковдаги махсус операция марказини йўқ қилди. Шунга қарамай, Қора денгиз флотининг асосий базасига денгиз ва ҳаво дронлари билан шиддатли ҳужум уюштириш даражаси Украина Қуролли кучлари (УҚК) нинг тактик-технологик ваколати ва имкониятлари доирасидан ташқарида.
Ҳатто НАТОда ҳам турли самарадорликка эга ҳарбий-денгиз дронларига саноқли давлат эгалик қилади. Буюк Британия, АҚШ, Франция, Туркия шулар жумласидан. Украина бу юқори технологик клубга кирмайди ва тайёр операторларга ҳам эга эмас.
Шу билан бирга, Очаковдан Севастополгача денгиз дрони тахминан 300 км йўл босиб, кейин Севастополь кўрфазининг 400 метрлик кузатув нуқтасига тушиши керак, тор Жанубий кўрфазда навигация ва нишонни белгилаш мушкуллиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Алянснинг 16 та зарба берувчи машина ва стратегик учувчисиз “координатор” RQ-4B Global Hawk иштирокидаги ушбу кўп доменли операциясида Украина Қуролли Кучлари мутахассислари фақат буйруқ бажарувчи ёки асосий “қаҳрамонлар” ортига яширинадиган ниқоб ролини ўйнашлари мумкин эди.
Американинг "The New York Times" газетаси Украина Қуролли Кучларининг “жасорати”ни дарҳол тақдим этгани ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британия мутахассисларининг террорчилик ҳаракатини тайёрлашда иштирок этгани сабаб бошқа ваколатли идоралар билан биргаликда тезроқ “амалий қадамлар” ишлаб чиқаётгани бежиз эмас.

Бизга бундай “йўлак” керак эмас

Қора денгиз флотининг ҳужумга учраган кемалари Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини гўёки оч қолган Африка мамлакатларига экспорт қилиш бўйича халқаро ташаббус доирасида “дон йўлаги” хавфсизлигини таъминлаётганди.
Ҳақиқатда эса юзлаб дон ташувчи кемалар гуллаб-яшнаган Ғарбий Европага жўнади, африкаликларга лойиҳадан майда ушоққина насиб қилди. Бундан ташқари, НАТО хавфсиз “коридор” ва фуқаролик дон ташувчи кемаларидан Россияга зарар етказиш учун фойдаланишга қарор қилди.
Альянснинг Севастополь йўлидаги еттита ҳарбий-денгиз учувчисиз учоқлари бунинг далилидир. “Учар голландлар”дан бирининг ҳаракат координаталари Қора денгиздаги “дон йўлаги”нинг хавфсизлик зонасидаги бошланғич нуқтани кўрсатяпти. Такрор айтаман, Украина бошқа технологик даражада ва Украина Қуролли кучлари фақат Пентагон ва НАТОнинг юқори технологияли ҳужумларини яшириш учун фойдаланиляпти.
РФ “дон келишуви”дан чиққанлиги сабабли, қуруқ юк ташувчи кемаларининг Одесса ва Босфор бўғози ўртасида бўзчининг мокисидек қатнаши қарама-қаршиликнинг кучайиши учун мажмуавий таҳдидларни юзага келтиради ва шунинг учун қабул қилиниши мумкин эмас.
Украина ҳарбий-денгиз кучларининг лангардан узилган миналари бутун Қора денгиз бўйлаб сузиб юрибди ва тасодифан савдо кемаси портласа Ғарб буни Россия Қора денгиз флотининг ҳисобига ёзиб қўяди. Бошқа томондан, Россия текширувисиз юк кемалари Киев режимига қурол ва ўқ-дориларни ташишни кўпайтиради ва Украина жанг майдонида қурбонлар сонини оширади.
Шундай қилиб, Қора денгиз флоти кучлари томонидан “хавфсизлик коридорини” блокировка қилиш бўйича стратегик чора-тадбирлар (НАТОнинг кўп доменли замонавий лойиҳаларига қарши туриш учун технология ва тактика) ва тезкор ҳаракатлар (масалан, Одесса порти инфратузилмасини яксон қилиш) бугунги кунда РФ Қуролли кучлари учун бир хил даражада муҳимдир.
Топилган денгиз дронлари қолдиқлари Москвага асосли қарор қабул қилиш имконини беради. Бу ерда вариантлар мавжуд. Вашингтон расмийлари якшанба куни АҚШ Севастополга ҳужумга ёрдам бермаганини ва уни амалга ошириш учун Украинага разведка маълумотларини етказмаганини айтди. Бироқ, апрель ойида Пентагоннинг ўша вақтдаги матбуот котиби Жон Кирби АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари захираларидаги экспериментал сув усти дронлари “қирғоқни муҳофаза қилишдаги турли вазифаларни” ҳал қилиш учун Украинага юборилаётганини эълон қилган эди.
Пентагон "SeaHanter" ёки "Remus" каби сув усти ва сув ости роботли транспорт воситаларини ишлаб чиқишга катта эътибор беради. Украинада эса кўпдан бери бери НАТОнинг экспериментал маҳсулотлари синовдан ўтказилади. 29 октябрда Украина Американинг (АҚШнинг Европа иттифоқчилари бу йўналишда анча орқада) кўп доменли операциялари концепциясини синовдан ўтказиш учун полигон бўлиб хизмат қилганида бунга яна гувоҳ бўлдик.
Воқеалар ривожи келгусида қандай бўлишидан қатъи назар, шанба куни махсус ҳарбий операциянинг денгиз саҳнасида “учар голланд”ларнинг замонавий автоматлаштирилган бошқарув тизимлари қўмондонлиги остида учувчисиз учиш аппаратлари билан мувофиқликда кўп доменли жанговар мақсадларда фойдаланилишининг янги даври очилди.
НАТОнинг “сохта байроқ остида” шунга ўхшаш операцияларни давом эттиришига тайёргарлик кўриш керак. Альянснинг дронлари ва разведкалари (шу жумладан сунъий йўлдошлар) Украина жанг майдонларида ишламаслиги керак.
Фикримча, Американинг RQ-4B Global Hawk стратегик разведка ва бошқа аппаратлари махсус ҳарбий операция зонаси яқинида пайдо бўлиши, НАТО томонидан ишлаб чиқарилган дронларнинг ҳужумлари билан “мос келадиган” бўлса, Россия ҳаво мудофаа тизимлари учун қонуний нишонга айланиши мумкин.
Россияга шунчаки бошқа танлов қолмаяпти. НАТО бутун Шарқий Европани судралувчи “украинлаштириш” билан шуғулланяпти ва мутлақо бепарволик билан Учинчи жаҳон урушига ўтишни “назорат қилиш”га уриняпти.
АҚШ президенти Жо Байден ва НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг Россия Федерациясининг “дон битими”дан чиқишидан норозилиги тахмин қилинганди, негаки Москва альянс режаларини бузди.
Болтиқбўйида (“Шимолий оқим”ни портлатиш) ва Севастополдаги дрон ҳужумлари Пентагон ва НАТОнинг бир хил стратегиясининг ҳалқаларидир. Бироқ, сиз шунчаки кета олмайсиз, акс ҳолда ўрта муддатда биз Россия денгиз чегараларининг бутун периметри бўйлаб альянснинг янги ҳужумларини кўрамиз (“сохта байроқ остида” ёки байроқсиз – муҳим эмас).
Босқинчиларга қарши муқаррар қасос ҳақида қаттиқ эслатиш керак ва бу ўринда Россия Бош штабида кенг имкониятлар ва ишонтириш воситалари мавжуд.
Объектив равишда, НАТО ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув эҳтимоли ортиб бормоқда. Британия яна Россия Қримини ишғол этишни орзу қиляпти. Конгрессда Қўшма Штатлар Россияни “ҳар қандай ҳолатда” ҳам йўқ қилиш зарурлиги айтиляпти, чунки у “анъанавий қадриятларни эътироф этувчи православ мамлакат”. "USS Gerald Ford" ядровий авиаташувчи кемаси бошчилигидаги АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг самолёт ташувчилар гуруҳи Европага йўл оляпти, ваҳоланки Американинг "USS George Bush" авиаташувчи кемаси бошчилигидаги зарбдор гуруҳи аллақачон Европа сувларида бўлиб турибди.
Ҳатто АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ҳам бугун ўз мамлакатини “ёвуз” деб атаяпти ва амалдаги президент Жо Байденни “электр стул”га лойиқ, деб ҳисоблаяпти. Охирги таклиф БМТда муҳокама қилишга арзийди.