“Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилмоқда

Депутатлар “Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Қонун лойиҳасида мамлакат давлат чегарасини ўрнатиш ва белгилаш тартиби, “Давлат чегараси режими”, “Ўтказиш пунктларидаги режим” ва “Давлат чегараси режимини бузиш” тушунчалари бўйича қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
Шунингдек, шахслар ва транспорт воситаларини кириш, чиқиш, товарларни бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш пунктларига (пунктларидан) олиб кириш, олиб чиқиш тартиби, йўловчиларни халқаро ташишини амалга оширувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда иштирок этувчи ҳарбий хизматчиларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясининг асосий йўналишлари акс эттирилди.
Шу билан бирга, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишдаги иштироки алоҳида боб сифатида киритилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси ҳуқуқни қўллаш амалиётида пайдо бўлаётган тушунмовчиликларни бартараф этишга хизмат қилади. Мамлакат ҳудудидаги чегара режимида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун билан мустаҳкамлайди.