Бухорода қурилаётган бинонинг бир қисми қулаб тушди

Бухоро шаҳрида қурилиши тугалланмаган уч қаватли бинонинг юк конструкциялари қулаши оқибатида бир киши жароҳатланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида қурилиши тугалланмаган уч қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушди. Бу ҳақда вилоят ФВБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 31 октябрь куни соат 16:03 ларда шаҳарнинг Дўстлик маҳалласи Т.Фароғий кўчасидада қурилаётган бинонинг юк конструкциялари (регил плиталари) қулаган. Бунга қурилиш материалларининг вазндан ортиқ юкланиши сабаб бўлган.
Бунинг оқибатида қурувчи К.Р. (1973 йилда туғилган) тан жароҳати олган. Унга тез ёрдам кўрсатилган ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб борилган.
Бухоро вилояти қурилиши соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ходимлари бинонинг қулаб тушиши сабабларини ўрганишмоқда.