Шавкат Мирзиёев БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири билан учрашади

Шерзод Асадов президентнинг ҳафталик иш режасини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий билан учрашади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Шерзод Асадовнинг сўзларига кўра, жорий ҳафта ҳам давлат раҳбари иштирокида кўплаб учрашув, муҳокама ва тадбирлар бўлиб ўтади.

"Бугун эрталаб президентга қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бу борада иссиқхоналар фаолиятини қўллаб қувватлаш масаласида ҳисобот берди", - дея қайд этди Шерзод Асадов.

Куннинг иккинчи ярмида ҳудуд ва тармоқларда энергия тежамкорлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан соҳа мутасадди раҳбарлари иштирокида тақдимот режалаштирилган.
Ҳафта давомидаги тадбирлар:
иқтисодиёт тармоқларига берилаётган имтиёзлар самарадорлигини ўрганиш натижалари юзасидан муҳокама;
маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш юзасидан кенгайтирилган мажлис;
одил судловни таъминлаш ҳамда суд ислоҳотларини янада такомиллаштириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот.
Бундан ташқари, 1 ноябрь куни президент Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилади.