Хитой Ўзбекистондаги пулли автомобиль йўлларини қуришда иштирок этмоқчи

Хитой компанияси Ўзбекистонда пуллик автомобил йўлларини қуришга қизиқиш билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Хитой Ўзбекистонда пулли автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақида Транспорт вазирлиги хабар берди.
Транспорт вазири ўрибосари А.Мўминов Хитойнинг "China Gezhouba Group Corporation" (CGGC) компанияси вакиллари билан учрашди.
Учрашувда транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

“Хитой компанияси вакиллари Ўзбекистонда пуллик автомобил йўлларини қуриш бўйича истиқболли лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдираётганлигини маълум қилди”, - дейилади хабарда.

Хорижий компания вакилларига мамлакатда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.
Хитой команияси лойиҳалар бўйича ўзининг молиявий, техник ва бошқа таклифларини Транспорт вазирлигига тақдим этишни билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент-Андижон ва Тошкент-Самарқанд пулли автомобиль йўллари 2026 йилгача қуриб битказилиши маълум қилинган эди. Ҳозирда 2022-2026 йилларда транспорт соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган 5 та йирик лойиҳа бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.