Сеулдаги тиқилинчда ҳалок бўлганлар сони 151 кишига етди

“Yonhap” агентлиги ҳалок бўлганлар орасида Эрон, Норвегия, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари борлигини хабар қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳри марказида Хэллоуин байрамини нишонлаш вақтида юз берган тиқилинч сабаб ҳалок бўлганлар сони 151 кишига етди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
“Yonhap” агентлиги маълумотларига кўра, 19 нафар хорижлик ҳам ҳалок бўлган. Улар орасида Эрон, Норвегия, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари бор.
Ўз навбатида РИА Новостининг Россиянинг Жанубий Кореядаги элчихонаси маълумотларига таяниб ёзишича, бу фожиада уч нафар Россия фуқароси ҳам ҳалок бўлган.
Жанубий Корея тарихидаги энг фожиали тиқилинч Итхэвон туманидаги “Hamilton” меҳмонхонаси олдидаги тор кўчада Хэллоуин байрамини нишонлаш пайтида рўй берган. Сеул шаҳри маъмурияти воқеа муносабати билан 355 та бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот олганини хабар қилган.
Сеулда шанба куни Хэллоуин коронавирус чекловлари бекор қилингандан кейин сўнгги уч йил ичида биринчи марта нишонланаётганди.
Ҳалок бўлганларнинг катта қисми 20 ёшлилар ва ундан каттароқлар экани айтилмоқда. Улар орасида болалар ҳам бор ёки йўқлигига ҳали аниқлик киритилмаган.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлмамлакатда миллий мотам эълон қилди. Сеул полицияси суриштирув ишларини бошлаб юборган. Итхэвон туманидаги бар ва клублар хавфсизлик қоидаларига риоя қилгани ёки қилмагани ҳам текширилади.