ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 31 октябрдан дизель ёқилғиси яна арзонлаштирилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекнефтгаз хабар берди.
Ўзбекнефтгаз томонидан 31 октябридан Товар хом ашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизель ёқилғиси бир тоннасининг бошланғич нархи 12 998 420 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди.
“Uzbekistan GTL заводида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми ортишига қараб биржага қўйиладиган дизельнинг бошланғич нархлари яна пасайтирилади”, - дейилади хабарда.
Ушбу нарх арзонлаштирилиши сўнгги уч ой ичида учинчиси ҳисобланади. Ҳозирда биржадаги синтетик дизелнинг бошланғич нархи 1 литр учун 9930 сўмни ташкил этмоқда.
Маълумот учун, GTL дизели “Евро-4” ва ундан юқори ёнилғида ишлайдиган енгил ва юк машиналари, габарит ва махсус дизель ёнилғили транспорт воситалари учун мос келади. “Евро-6 стандарти” талабларига тўлиқ жавоб берадиган GTL дизели Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида мукаммал ишлаш ҳамда экологик хусусиятларга эга биринчи синтетик ёқилғи ҳисобланади.
Ҳозирда заводда ўртача бир кунда 1500 тонна синтетик дизель ишлаб чиқарилаётган бўлиб, ноябрь ойида заводнинг иккинчи босқичи ишга туширилиши ҳисобига бир суткада ўртача 3000 тоннагача ёқилғи ишлаб чиқарилишига етказилади.