Газ таъминотидан узилган иссиқхоналарга газ етказиб берилмоқда

Иссиқхона мажмуаларининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ёқилғи етказиб бериш ҳажми оширилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 586 та иссиқхона хўжаликлари билан шартнома тузилиб, табиий газ етказиб берилмоқда. Бу ҳақида Худудгазтаъминот хабар берди.
Иссиқхона мажмуаларининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун "ЎзГазТрейд" томонидан "Ҳудудгазтаъминот" АЖга "зангори" ёқилғи етказиб бериш ҳажми оширилди.
"ЎзГазТрейд" томонидан жорий мавсумда иссиқхона хўжаликларининг талабидан келиб чиққан ҳолда Ҳудудгазтаъминотга 500 миллион куб метр табиий газ қўшимча етказиб берилади.
“68 та иссиқхонада тайёргарлик ишлари бўлаётганлиги сабабли бугунги кунда газ таъминотига эҳтиёжи йўқлиги билдирилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, куз-қиш мавсумида табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида мамлакатнинг барча ҳудудларида 244 та ихтисослаштирилган авария-диспетчерлик бригадалари ташкил этилди.
Ишларни ташкил этиш учун 29,6 километр турли диаметрли газ қувурлари, 2,8 минг дона бутловчи қисмлар, 756 дона манометр, 7 тонна карбид, 2,2 тонна мойлаш материаллари ажратилди.
Ихтисослаштирилган "1104" рақами остидаги " Call-маркази" ва "104" рақамли вазиятлар марказлари ҳамда Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бошқарма ва бўлим ходимлари иш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни газ таъминотидан узилган иссиқхоналар 1 кун ичида газ билан қайта таъминланиши маълум қилинганди. Иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилигидан хабар топган Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Администрация раҳбари Сардор Умурзаковга тегишли топшириқ берган.
Администрация раҳбари бошчилигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича жуда кўп эътирозлар билдирилаётгани, хусусан 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларидан иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинган эди.