Термиз туманида автомобиль бозори ишга тушди

Автомобиль бозори ишга тушиши билан 50 та янги иш ўринлари яратилди. Комплекс тўлиқ қувватда иш бошлагач қўшимча 450 та иш ўринлари яратиш режалаштирилган – тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Термиз туманида автомобиль бозори ишга тушди. Бу ҳақида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Термиз тумани “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида "Complex technical services" МЧЖ томонидан қурилаётган замонавий автомобиль бозори ва эҳтиёт қисмлари савдо комплексининг биринчи босқичи ишга туширилди.
Лойиҳа қиймати 90 миллиард сўм бўлган автомобиль бозори ва эҳтиёт қисмлари савдо комплексининг ушбу босқичида “Termiz avto bozori” ўз фаолиятини бошлади.
“Бунинг натижасида 50 та янги иш ўринлари яратилди. Комплекс тўлиқ қувватда иш бошлагач қўшимча 450 та иш ўринлари яратиш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Айтилишича, лойиҳанинг кейинги босқичини амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
“Termiz avto bozori”
Маълумот учун, бундан аввал автомобиль бозори фақатгина вилоятнинг Денов туманида ҳафтанинг бир кунида (якшанба) фаолият олиб борган. Бу эса вилоят маркази ва вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги фуқароларга қийинчилик туғдирган.