Ўзбек адабиётшунос олими Чингиз Айтматов номидаги мукофот билан тақдирланди

МДҲ ПА Кенгашининг қарори билан Шуҳрат Сирожиддиновга Чингиз Айтматов номидаги мукофот берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновга Чингиз Айтматов номидаги мукофотни бериш тўғрисида МДҲ ПА Кенгашининг қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Мукофотни Қирғиз Республикаси делегацияси раҳбари Нурланбек Шакиев топширди.
Шуҳрат Сирожиддинов матншунослик ва адабиётшунослик соҳасида йирик олим сифатида танилган, ўзбек мумтоз адабиёти, диншунослик ва таржима назариясига оид қатор илмий асарларига эга. Ёзувчи 140 дан ортиқ илмий мақолалар, 16 та монография ва ўқув қўлланмалари муаллифи.
Чингиз Айтматов номидаги мукофот Қирғизистон Жогорку Кенеши таклифи билан 2012 йил ноябрь ойида таъсис этилган. Мукофот ҳар йили маданият, маърифат соҳасидаги хизматлари, гуманитар фанлар, адабиёт ва санъат ривожига, маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш, маданиятлар, миллатлар ҳамда элатларни яқинлаштириш ва ўзаро бойитиш, тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга, шунингдек, давлатлар ўртасидаги маънавий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳисса учун берилади.