ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасида экология соҳасидаги ходимлардан иборат ишчи гуруҳи таркиби шакллантирилади. Бу ҳақида Давлат экология қўмитаси хабар берди.
Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов Россиянинг “Eco-Spectrum” корхонаси бош директори О.Давлетова ҳамда техник директори Г.Айдоган билан учрашув ўтказди.
Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилиб, ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув қуйидаги ҳамкорликка келишиб олинди:
Давлат экология қўмитаси ва корхона ходимларидан иборат ишчи гуруҳи таркибини шакллантириш;
Қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва тиббиёт чиқиндиларини зарарсизлантириш ҳолатини ўрганиш;
Кейинги йилларда ҳудудларда ўрнатилиши кўзда тутилган ускуна ва техникаларга бўлган техник топшириқ лойиҳаларини ишлаб чиқиш.
Айтилишича, Ўзбекистонда чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхоналар сони янада ортиб бормоқда. Бу турдаги корхоналарнинг замонавий технологиялар билан жиҳозланиши иш самарадорлигини ошириши баробарида атроф-муҳит муҳофазасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда бўлиб ўтган МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси кузги сессиясида МДҲ парламентарийлари бир қатор экологик қонунларни қўллаб-қувватлашди. Парламент аъзолари “Экологик хавфсизлик тўғрисида”, “Экологик ахборотдан фойдаланиш тўғрисида”, “Ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндилари тўғрисида”, “Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги намунавий қонунларнинг янги таҳрири лойиҳаларини Ассамблея ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун МДҲ ПА Кенгашига юборишади.